Ishonch telefonlari:
(0375) 652-18-58
(0375) 652-14-65
Imkoniyati
cheklanganlar
» » СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – ТАРАҚҚИЁТ ПОЙДЕВОРИ
25
апрель
2018

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – ТАРАҚҚИЁТ ПОЙДЕВОРИ

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – ТАРАҚҚИЁТ ПОЙДЕВОРИ
-Ҳаётий ҳақиқатки, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий қудрати, ижтимоий-маънавий ҳаёт даражасининг юксалиши, таълим тизимининг рақобатбардошлиги аввало илм-фан тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Тарих манбаларига мурожаат қилсак, таълим ва тарбия масаласи барча даврларда ҳам энг долзарб, эртанги тақдирни ҳал қилувчи вазифалардан бири бўлиб келганлигини кўрамиз. Ҳолбуки, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган юқори малакали, етук мутахассис кадрлар тайёрлаш мақсадида Республикамизда мустақиллик йилларида тизимли асосда, босқичма-босқич ижтимоий соҳаларни, хусусан таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган, умуммиллий дастурлар амалга оширилди.
Кенг мулоҳаза юритиб айтадиган бўлсак, мамлакатимиз жадал тараққиётга ошиқаётган бугунги даврда ёш авлодга такомиллаштирилган ўқув дастурлари асосида таълим-тарбия бериб, жамиятда муносиб ўрнини топа оладиган кадрларни тайёрлаш барча жабҳада ҳаво ва сувдек зарурдир. Шу боис юртбошимиз томонидан мамлакатимизда таълим-тарбия тизимига замонавий ахборот технологиялари ва мултимедиа материалларини кенг тадбиқ этиш, ўқув дастурлари ҳамда таълим мазмунини янгилаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни кенг тарғиб қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Амалий ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина туманимизда 39 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, 36 таси лойиҳа асосида замонавий бинода, 3 та мактаб (12-, 27-, 33-мактаблар) мослаштирилган биноларда жойлашган. Мазкур илм масканларида 19020 нафар ўқувчига 1574 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Шунингдек, туманда жами 2405 ўринга мўлжалланган 19 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, биттаси мослаштирилган бинода, 17 таси лойиҳа асосида қурилган кўркам биноларда фаолият юритиб келаяпти. Айни кезда замонавий типда қуриб қайта мослаштирилган 1 та нодавлат МТМни кўрган кўз қувнайди. Апрель ойи охирига қадар нодавлат МТМ сони туманда яна 2 тага кўпаяди. Ҳозирча мазкур муассасаларда 2969 нафар жажжиларга 123 нафар педагог ходимлар Ғам¬хўрлик қилишаётир. Яқин келажакда “Оқ- мачит”, “Ўзбекистон”, “Калта”, “Помуқ”, “Ободон”, туман марказидаги намунавий уйлардан иборат “Чаманзор” маҳаллалари ҳамда Булуч, Айзабод, Найистон, Олтин бошоқ ва Гулшанбоғ қишлоқларида ҳам янги мактабгача таълим муассасалари қуришни мақсад қилганмиз.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Мақсадимиз келгуси 3-4 йилда мамлакатимиздаги боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олишдан иборат ва биз бунга албатта эришамиз”, - деб таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорлари ва «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» асосида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Барча соҳалар қатори тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси бошқа соҳалар қатори Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлаётганлигини бугун барча гувоҳи бўлаяпти. Қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ҳозирги кунга қадар туманимиз бўйича жами 3-7 ёшли болаларни МТМга жалб этилиши 33,4 фоизни ташкил қилаётган бўлса, йил якуни бўйича мактабгача таълим муассасаларига болаларнинг қамровини 20 фоизга оширишни мақсад қилганмиз.
Маълумки, фан ва техника жадал суръатлар билан ривожланаётган бугунги кунда кўплаб илмий билимлар, тушунча ва тасаввурлар ҳажми кескин ортиб бормоқда. Албатта, бундай ёндашув таълим тизими ходимлари олдига ёш авлодни ҳар томонлама етук, билимдон, маънавий жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш, юрт равнақи йўлида ўғил-қизлар билим даражасини ошириш, таълим мазмунини сифат-самарадорлик жиҳатдан такомиллаштириш каби қатор вазифаларни қўйди. Ана шу мақсадда манзилли дастурга киритилган 26-умумий ўрта таълим мактабида 933,4 миллион, 29-умумий ўрта таълим мактабида 369,7 миллион ҳамда 1-сонли мактабгача таълим муассасасида 858,6 миллион сўмлик иш бажарилиб, капитал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Ўтган 2017 йилда туман маҳаллий бюджетидан таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун жами 852 миллион 535 минг сўм ажратилиб, мактабларни жорий таъмирлаш учун эса 206 миллион 784 минг сўм сарф-ланди. Кўпчиликка яхши маълумки, бугун фан ва техника соҳасидаги янгиликларни ўқув дастурлари мазмунига тез киритиш талаб этилади. Чунки ана шундай тизим орқали замонавий билимларни шакллантиришга кенг замин ҳозирланган. Бундан таш¬қари, замонавий ўқитиш технологиялари, улар билан боғлиқ методик ёндашувлар бўлажак ўқитувчиларда зарурий билимлар, муҳим қонуниятлар, кўплаб инновацион тушунчаларни нисбатан енгил, чуқур ва мустаҳкам шакллантириш учун қулай шароит яратади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 январдаги Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишида умумий ўрта таълим тизимини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, вояга етмаганлар тарбияси ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, ўқувчилар давоматини яхшилашда ота-оналар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан берган топшириқлари барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши йўлида бор имкониятларни ишга солаяпмиз. Умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида туманда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчиларини хоҳиш-истаклари ҳамда уларнинг ота-оналари розилиги асосида таълимнинг навбатдаги босқичини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ёки умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синфларида давом эттиришларини таъминлаш юзасидан тегишли тартибда сўровнома ўтказилди. Ишчи гуруҳ томонидан туман бўйича жами 1721 нафар 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилганда, битирувчи ёшларнинг 1559 нафари 10 синфларда, 20 нафари академик лицейда, 142 нафари эса касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагини билдиришганлиги учун натижалар таҳлили асосида иш кўрилди.
Айни чоғда ўқитувчилар маҳоратини ва касбий малакасини ошириш учун замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини дарс жараёнларига тадбиқ этиш мақсадида туманимиздаги 20-, 32- ва 28-мактаблар аниқ фанлар бўйича, 1-, 12-, 20- ва 21-мактаблар табиий фанлар бўйича, 2-, 4-, 12- ва 31-мактаблар гуманитар фанлар бўйича, 1-, 5-,8-22- ва 32-мактаблар филология фанлари бўйича таянч мактаблар этиб белгиланди. Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда ўқувчиларимизнинг бўш вақт¬ларини намунали ташкил этиш мақсадида «Баркамол авлод» марказидаги 7 та тўгаракда 210 нафар ўғил-қизлар мунтазам шуғулланишаяпти.
Дарвоқе, тумандаги барча мактаб ва касб-ҳунар коллежлари қошида маҳалла ҳамда ички ишлар ходимлари билан ёшлар тарбияси, ўқиш сифати, давоматни яхшилаш, ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадида таълим муассасалари биносида маҳалла маъмурияти ҳамда ҳудудий профилактика инспектори учун хизмат хоналари ажратилди. Албатта, янгиланган таълим тизимини жорий этишда ҳар бир ўқитувчи ўз фани ва баркамол авлод таълим-тарбиясига оид янгиликларни мунтазам ўрганиб, уларни ўз меҳнат фаолиятида изчил равишда қўллай билиш маҳоратига эга бўлиши ўта муҳимлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Эътиборли жиҳати, буларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олиши, ўзи қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунар эгаллашига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Шундай экан, бундай муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлаш аввало биз раҳбарлардан ўта фаолликни талаб этади. Бундай чора-тадбирлардан кўзланган мақсад келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдан иборат.
Hokimiyat haqida
-----------------------------------

-----------------------------
Power by: Maxmaniyozov Suxrob & Jasur Habibullayev ©2018