Ishonch telefonlari:
(0375) 652-18-58
(0375) 652-14-65
Imkoniyati
cheklanganlar
» » ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ
28
июнь
2018

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Бугунги кунда инсоният дучор бўлаётган иллатлардан бири гиёҳвандлик экани сир эмас. Бу бало барча инсоний асосларга бирданига таҳдид соладики, унинг хавфли жиҳати шунда. Исломда гиёҳванд моддалар нопок ҳисобланади.
Аллоҳ бандаларига жамики нопок нарсаларни ҳаром қилди. Покиза нарсаларни неъмат қилиб берди. Қуръони каримда марҳамат этилади: “Сизлар учун бу покиза нарсалар ҳалол қилинди” (Моида сураси 4-оят). Абу Довуд (роҳима ҳуллоҳ) ривоят қилади: “Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир бўшаштирувчи ва маст қилувчи нарсалардан қайтардилар”.
Гиёҳванд модданинг суюқ ёки қуюғими, табиий ёки кимёвийсими, барибир, ҳаммаси ҳадис ҳукмига биноан ҳаром ҳисобланади. Ҳатто исломдан олдинги жоҳилият даврида яшаган одамлар ҳам маст қилувчи нарсаларни ёмон кўришган, “уммул-ҳабоис” яъни, “ёмонликларнинг онаси” деб аташган. Ана энди тафаккур қилайлик: Аллоҳ ризоси учун ибодат қилаётган инсонлар орасига кириб олиб, улар билан Жума намозларига бориб, кўчада нос ёки сигарет чеккан одамни кўрса унга танбеҳ бериб, ўзи уйида гиёҳванд моддаларни қопи билан сақлаб, уларни сотишни касб қилганларни ким деб, ким эмас, нима деб аташ мумкин?!
Юқоридаги ояти карима ва ҳадис мазмунидан келиб чиқилса, гиёҳвандлик билан, ёки гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғулланган одам–Аллоҳга қарши муҳораба эълон қилган билан баробар бўлмайдими?!
Гиёҳванд модда истеьмол қилган,бошқаларни ҳам шу йўлга бошлаган, ҳатто уни тарқатаётганларни кўриб сукут сақлаганлар тўғрисида ҳам гап шу. Гиёҳванд моддасини истеъмол қилган одам ақлу идрокдан айрилиб, на ҳаёси қолади, на иймони. Инсоний ҳислар йўқолиб, ҳайвон ҳам “ор” қиладиган феъл-атворга эга бўлиб қолади. Ўрни келганда бир марталик кайфи учун пул бермаган онасини уради. Хотин –боласи рўзғор кам-кўстию томоққа-ямоқ учун деб далага ишлаб топган уч-тўрт сўмни чирқиллатиб тортиб олади.
Аслида ота-онани боқиб қараш, аҳли оиласининг тарбияси ва нафақаси унинг зиммасидаги мажбурияти экани унга ёт бўлиб қолган бўлади.
Хуллас, гиёҳвандлик не-не касалликларга “доя” бўлишига изоҳ ортиқча. Бу ўринда ОИТС ва саратон хасталигини ёдга олиш кифоя. Гиёҳвандликка қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири – шу балои азимнинг сиртмоғига илинганларнинг аҳволидан сабоқ олиш учун тафаккур қилинса, бас. Тафаккур маърифатдан қувват олади. Демак, маърифат, маънавиятга кўп эътибор қаратилаётгани, бу масалага давлат миқёсида аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Ҳар қандай иллат жаҳолат ҳосиласи экан, унга қарши энг яхши қурол маърифатдир. Маърифатли инсон, аввало тақвога интилади. Тақво ҳалоллик демакдир. Ҳалоллик барқарор жойда барака,тинчлик-хотиржамлик, ривожланиш бўлади, эътиқоди мустаҳкам авлодлар вояга етади.
Hokimiyat haqida
-----------------------------------

-----------------------------
Power by: Maxmaniyozov Suxrob & Jasur Habibullayev ©2018