Ishonch telefonlari:
(0375) 652-18-58
(0375) 652-14-65
Imkoniyati
cheklanganlar
» » ЛОҚАЙДЛИК – ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ
02
август
2018

ЛОҚАЙДЛИК – ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

ЛОҚАЙДЛИК – ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

Иброҳим (с.а.в)ни гулҳанда куйдириш учун олов ёқилаётган пайтда ўша оташга қалдирғоч ўз тумшуғида сув келтириб соча бошлабди. Шунда зиндоннинг туйнугидан уни кўриб турган Иброҳим (а.с) унга: “Эй қушча, сенинг бир томчи сувинг оловни ўчириш учун нима ҳам бўларди, бекорга уринаяпсан” деганда, қалдирғоч шундай деган экан: “Мен буни яхши биланман, лекин менинг йўлим ҳақ, мен ҳақ тарафдаман, бу эса бажаришим керак бўлган мажбуриятим”. Шунда Иброҳим (с.а.в) қалдирғочнинг матонатини, мардлигини кўриб: “Инсонлар олдида доимо азиз бўлгин”, деб дуо қилган эканлар. Ўшандан бери инсонлар қалдирғочларга ўзгача меҳр билан қарашади, уйларининг шипидан жой беришади, ҳар баҳор унинг учиб келишини интизор бўлиб кутишади.
Албатта, гапимиз қалдирғоч ёки унинг матонати, қилган хизматлари ҳақида эмас, балки биз баъзи ожиз ва нотавон, лоқайд инсонлар шу миттигина қалдирғоччалик бўла олмаётганимизда, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, шундай бўлишни хоҳламаётганимиздадир. Инсон зотининг бошига тушадиган офат-кулфатларнинг кўпчилиги “Менга нима!”, “Менинг нима ишим бор”, “Нима бўлса бўлар,” каби сўзларни айтишдан яъни, лоқайдликдан, дангасаликдан, бепарволикдан келиб чиқади. Муқаддас ислом динимизда “мусулмон мусулмоннинг кўзгуси, ҳамма мусулмонлар бир-бирига ака-укадирлар, мусулмонлар бир жону бир тандир”, дейилган. Танамизга яъни, оёғимизнинг тагига бир тикан кирса оғриғи миямизгача етиб бориб азоб беради. Мамлакатнинг бир четида бир мусулмон азоб чексаю оғриғи нима учун бизни миямизни оғритмаслиги, озор бермаслиги керак. Менимча, бугунги кунда ҳар бир фарзанд, ҳар бир ота-она, ҳар бир ўзини Ўзбекистон фуқаросиман дейдиган инсон ўзига шу саволни бериши керак. Бугунги кунда ўзбек фарзандининг бепарво, лоқайд бўлишга асло ҳаққи йўқ. Чунки дунёда бўлаётган воқеалар, айниқса, бизнинг чегара ҳудудидаги мамлакатларда бўлаётган воқеа-ҳодисалар бунинг яққол далилидир.
Бугунги кунда дунёда бўлаётган хунрезликлар, вайронкорликлар, ноҳақдан бир-бирларига озор бериб қон тўкишлар ислом дини ниқоби остида бўлаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу жанжаллар, беайб тўкилаётган қонлар бизнинг тинч-осуда кечаётган диёримизга кириб келмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон фарзанди, ҳар бир фуқаро шу уруш-жанжал бизгача етиб келмаслиги учун ўзида ватан ҳисси масъулиятини пайдо қилиши керак. Чунки айрим фарзандларимиз ҳалиям тўғри йўлни топа олмасдан ўз ватанига хиёнат қилиб, адашиб, сарсон бўлиб юришибди ва баъзиси шу қора доғ билан ўлиб кетди. Бугунги кунда пул топиб келаман, деб ўзга юртларга кетиб, арзимаган пул эвазига ватанини, дўстларини сотиб кетаётган ёки бировларнинг алдовига кириб ислом йўлида юрибман деб ноҳақ йўлларга кириб кетаётган, натижада ўз юртига кела олмай ватангадо бўлиб юрган “ҳамюрт”ларимиз ҳам йўқ эмас, албатта. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Қайсики бир мусулмон ёмон, мункар (қайтарилган) ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтара олмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам қайтара олмаса, ҳеч бўлмаса кўнглида шу ишни ёмон кўрсин, ўша ёмон кўришлиги имонини заифлигидан дарак беради”, Хўш, бугун мусулмон фарзанди ушбу ҳадиси шарифга қанчалик амал қилаяпти. Айрим фарзандларимиз тўғри йўл туриб нотўғри йўлларга, нотўғри ишларга кириб кетаётганини кўриб-билиб туриб, уларни шу йўллардан нега қайтара олмаймиз?! Баъзи дўсту биродарларимиз, қариндош – уруғларимиз адашиб кетаётганини кўра била туриб, биз нега жиммиз?! Нега, уларни оқибати бехайр, нотўғри йўллардан олиб қола олмаяпмиз. Ҳамма саволларнинг жавоби лўнда қилиб айтганда, лоқайдлик ва бепарволикдир. Лоқайдлик жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Агар бир мевага қурт тушса, тез орада чирик тушган жойи кесиб олиб ташланмаса, меванинг ҳамма жойини эгаллайди. Шуни яхши билишимиз керакки, бугун биз лоқайд, бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир-оқибати хунук бўлади. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизнинг вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир.
Бугунги кунга келиб юртимиз кундан кунга яшнаб, гўзаллашиб, чирой очиб бормоқда. Одамлар иқтисоди кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, бизни саводсизга чиқарганларнинг аждодлари оёғига латта боғлаб юрганида, бизнинг боболаримиз юлдуз санаганлар! Ҳақиқатан ҳам, бугун ота-боболаримиздан қолган илму-фан, китобу-битиклардан мерос қолган илмлардан фойдаланиб, миллий маърифат ва маънавиятимизни тушуниб, унга амал қиладиган бўлсак, албатта, биздан ҳам дунёда ибрат бўладиган олимлар, фозиллар етишиб чиқади. Тинч-осуда ўтаётган ҳар бир кунимизга шукур қилиб, Аллоҳга ҳамд айтамиз. Илоҳим, юртимизнинг ободлиги бунданда зиёда бўлсин!
Hokimiyat haqida
-----------------------------------

-----------------------------
Power by: Maxmaniyozov Suxrob & Jasur Habibullayev ©2018