Ishonch telefonlari:
(0375) 652-18-58
(0375) 652-14-65
Imkoniyati
cheklanganlar
» » «МАРЖОНА» ТУМАНДА ЯГОНА
07
апрель
2018

«МАРЖОНА» ТУМАНДА ЯГОНА

«МАРЖОНА» ТУМАНДА ЯГОНА
Тадбиркор ташаббуси
«МАРЖОНА» ТУМАНДА ЯГОНА

«Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади», дейилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида. Жумладан, унда «Бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил этади», дея алоҳида таъкидлангани ҳам соҳани ривожлантириш зарурати мавжудлигини яққол намоён этади. Юртбошимизнинг мазкур фармонига асосан мамлакатимизда давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мак табгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш борасида ҳам дадил қадам ташланди.
Берилган имконият ва яратилган қулайликлардан унумли фойдаланаётган тадбиркор юртдошларимиз томонидан қуриб ишга туширилаётган хусусий МТМлар бугун нафақат жойларда ўз чиройи ва маҳобати билан, балки мавқе ва аҳамияти билан ҳам одамлар эътиборини ўзига тортмоқда.
Тадбиркор Намоз Авазов томонидан Жейнов қишлоғида қуриб фойдаланишга топширилган «Маржона» НДМТМ ҳам замонавий кўриниши ҳамда дид билан жиҳозланишига кўра ҳар қандай мактабгача таълим муассасаси билан бемалол рақобатлаша олади.
-Наврўз - халқимизнинг эзгу айёми. У инсоният ва бутун борлиққа чексиз саховат кўрсатади. Яшариш ва янгиланиш байрамини муносиб кутиб олиш эса ҳар бир кишининг инсоний бурчидир. Мен ҳам қадрдон халқимга шодиёна арафасида чин фарзандлик туҳфамни тортиқ қилишни кўнглимга туккандим. Муҳтарам юртбошимизнинг ПФ-5198-фармонлари мақсадим рўёби сари етакловчи ёрқин маёқ бўлди. 21 март санасида 40 ўринли «Маржона» нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг очилиш маросимини ўтказдик, - дейди тадбиркор Н. Авазов.

«МАРЖОНА» ТУМАНДА ЯГОНА
Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашгани ҳолда жиҳозланган МТМ очилишида тадбиркор маҳалладошларига катта зиёфат берди. Отахонлар дуоси билан «Маржона» ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирча у туманда ягона НДМТМ ҳисобланади. Аммо яқин келажакда бундай муассасалар сони туманимизда янада ошиши тайин.
Айни чоғда 12 та ишчи ўрни яратилган МТМда болажонлар учун кенг қулайликлар мавжуд. Қаттиқ ва юмшоқ ўйинчоқлар, шинамгина овқатланиш ҳамда жажжилар дам олиши учун қулай ётоқхона, машғулот майдончалари, ҳатто болалар кутубхонаси ҳам мурғак қалблар ихтиёрига топширилгани айни муддаодир.
«Маржона» НДМТМнинг очилишида туман ҳокими Р. Комилов иштирок этиб, тадбиркорнинг бу ҳимматини қўллаб-қувватлаш ҳамда оммалаштириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Тадбиркор Н. Авазов эса, бу борадаги фаолиятини тағин ҳам кенгайтириб, келгусида умумий ўринлар сонини 100 тага етказиш мақсадида амалий ишларни бажаришга ваъда берди.

Похожие публикации:

Hokimiyat haqida
-----------------------------------

-----------------------------
Power by: Maxmaniyozov Suxrob & Jasur Habibullayev ©2018